ЭРТАГА МИХАИЛ ЛЕРМОНТОВНИНГ «ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНИ» РОМАНИ БЎЙИЧА БАҲСГА КИРИШИЛАДИ

Batafsil: Yaratildi: 06.09.2019 15:31 Tahrirlandi: 06.09.2019 15:34 Ko'rishlar soni: 74

Мутолаа

Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида ҳар шанба куни “Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз!” шиори остида интеллектуал танлови ўтказиб келинмоқда. Ортда қолган 20-тур натижаларига кўра, комбинат жамоаси етакчиликни қўлдан бой бермасдан келаяпти. Эртага, 7 сентябрь куни бўлиб ўтадиган 21-турда жамоамиз рус адиби Михаил Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони» романи бўйича беллашади.

6 сентября4

Михаил Юрьевич Лермонтов – рус шоири. Болалик чоғлари Пенза губернясидаги Тархан (ҳозирги Лермонтов) қишлоғида кечган. 1827 йилда бувиси Е.А.Арсеньева билан бирга Москвага кўчиб борган ва 1828 йилда Москва университети қошидаги пансионнинг 4-курсига ўқишга кирган. Дастлабки шеърлари, «Черкеслар» (1828) ва «Кавказ асири» (1929) достонлари шу ерда ёзилган. Лермонтов пансиондаги 2 йиллик таҳсилидан сўнг 1830 йилда университетнинг маънавий-сиёсий бўлимига ўқишга киради. Лермонтов талабалик йилларида қатор лирик шеърлар, достон ва драмалар ёзган («Одамлар ва эҳтирослар»). 1832 йилда университетни тарк этади ва Петербургга бориб, гвардия подпрапоршчиклари ва кавалерия юнкерлари мактабига ўқишга киради. Мазкур мактабни тугатгач, Лермонтов Царское Селода жойлашган гусарлар полкига юборилади (1834). Навқирон гусар кўп вақтини аслзодаларнинг кўнгилочар давраларида ўтказиб, шу давралардан олган таассуротлари асосида «Маскарад» драмаси, «Ҳожи Абрек» романтик достони (1835) ва бошқа асарларини ёзади. Лермонтов 1837 йилда А.С.Пушкиннинг фожиали ўлимига бағишлаб «Шоирнинг ўлимига» шеърини ёзади. Лермонтов бу шеърда шоирнинг ўлимида айбдор саналган ҳукмрон кучларни кескин қоралагани учун Кавказга сургун қилинган. Лермонтовнинг Кавказда бўлиши унинг шоир ва рассом сифатидаги ижодига самарали таъсир кўрсатди. Кавказ табиати ва элатлар фольклорига меҳр қўйган шоир шу ерда «Ошиқ Ғариб» (1837) шарқ эртаги, «Замонамиз қаҳрамони» (1840) романи ва кўплаб рангтасвир асарларини яратди.

Е.А.Арсеньева ва шоир В.А.Жуковскийнинг саъй-ҳаракатлари билан афв этилган Лермонтов 1838 йил январда Петербургга ва апрель ойида эса Царское Селода жойлашган гусар полкига кайтиб келади. Петурбургдаги қизғин адабий ҳаёт 30-йиллар охирида Лермонтов ижодида эрксеварлик йўналишининг кенг қанот ёзишига имконият туғдиради. «Ўйлар», «Шоир», «Ўзингга ишонма…», «Пайғамбар», «Алвидо, Русия, эй нопок макон» каби шеърлари, «Мцири», «Демон» («Иблис») каби достонлари, «Бэла» қиссаси (ҳаммаси 1839) Лермонтов ижодининг камолот босқичига кўтарилганидан шаҳодат беради. Шу кезларда Франция элчисининг ўғли Э.Барант билан бўлиб ўтган дуэль Лермонтовнинг иккинчи марта Кавказга сургун қилинишига сабабчи бўлади. У Кавказдаги пиёдалар полки таркибида бир неча ҳарбий юришларда иштирок этади. Унинг шу вақтда (1840, окт.) «Отечественные записки» журналида эълон қилган шеър ва достонлари Петербургда катта акс-садо беради. Бундан фойдаланган Е.А.Арсеньева набирасининг Петербургга таътилга келишига эришади (1841, февраль). Аммо расмий доиралардаги ўзига бўлган совуқ муносабатни кўрган Лермонтов 1841 йил 13 майда Пятигорскка қайтиб келади. Шу вақтда бир гуруҳ ёшлар Лермонтов билан зобит Н.С.Мартинов ўртасида жанжал чиқишига эришадилар. 13 июль куни Лермонтов билан зобит Н.С.Мартинов ўртасида чиққан жанжал туфайли рўй берган дуэлда шоир оғир яраланади ва вафот этади. Лермонтовнинг хоки Тархан қишлоғига олиб келиниб, Арсеньевлар хилхонасида дафн этилган (1842 йил 23 апрель). Лермонтов шоир, носир ва рассом сифатида рус маданияти тарихида фахрий ўринлардан бирини эгаллайди.

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси, шоир ва таржимон Саъдулла Ҳаким томонидан Михаил Юрьевич Лермонтовнинг ўзбек тилига ўгирилган шеърларидан намуналар ўқийсиз.

 

КУЗ

Далаларда заъфарон хазон

Гир айланар, учар пирпираб.

Фақат қора қарағай ҳамон

Яшнаб турар кўм-кўк, гуркираб.

 

Қўшчи гоҳо пешинда ҳорғин,

Қоя ости — гуллар ичра ғарқ –

Бир пас ором олмоқ одатин

Энди буткул айламишдир тарк.

 

Ҳайвонлар ҳам гоҳ гала-гала

Шошиб ўтар макон ахтариб.

Кечаси ой туссиз. Кенг дала

Кумушланар туманда ғариб.

1828

 

ЎГИТ

Ғусса чўкса, дўстим, дилингга,

Табассум қил, қув ғамни нари.

Уйма қовоқ, чекма азият,

Унут бўлар пайт етиб бари.

 

Ёш қизларнинг алдоқларию

Топталган шаън туйғулари ҳам,

Дилгирликнинг маҳзун дамлари

Арзимайди чекмоғингга ғам.

 

Ғаниматдир бебаҳо умр,

Балолардан ўзингни асра:

Севинч болин ютоқиб симир,

Ўзи кириб келади ҳасрат.

 

Одамлардан ўгирмагил юз,

Ўзгаларга ўргатма ақл.

Ахтармасанг йўқ фазилатин,

Бир кун севиб қолмоғинг ҳақдир.

 

Не кўйларга солса ҳам юрак,

Яша юрак амрига қараб.

Ҳислар мавжин, бўлганда керак,

Тийиб қўйиш нима деган гап…

 

Бахтсиздир, ким тақдирида бор

Орзуларин кечириб бир-бир,

Бахт туйғусин йўқотиб, охир

Бўлар экан бахтга сазовор. 

1830

 

ВАСИЯТ

Бир пас ўтир бошимда, оға,

Оёқларим тўниб бормоқда.

Айтдиларки, аҳволим оғир,

Умрим шами сўниб бормоқда.

 

Тез кунларда борурсан уйга:

Қўй, мен учун қайғурма ортиқ.

Надир ўлим? Учқур ҳаётда

Бандасига бу ҳам бир тортиқ.

 

Кимдир йўқлаб қолса мабодо…

Ким бўлса ҳам, сўрагани пайт,

Ватан учун муҳорабада

Кўкрагидан ўқ еди, деб айт.

 

Ўлим топди чин-ҳалолидан –

Жангга кирди шоҳ учун дадил,

Ҳар дақиқа ўй-хаёлида

Юрт хаёли эди, деб айтгил.

 

Отам-онам, сен борганинг чоғ,

Ўтган бўлар балки оламдан…

Очиғини айтсам, уларни

Огоҳ этгим келмас бу ғамдан.

 

Биронтасин омон топсанг гар,

Айтгил, хатга йўқроқ деб тоби.

Яна айтгил, у кетди жангга,

Қайтмас уруш тугамай токи.

 

Қўшни яшар уларга бир қиз…

Ёдга тушса, ўртанар бағир.

Аллақачон… ажраб кетганмиз,

У сўрамас мени… барибир.

 

Сен унга бор ҳақиқатни айт,

Дардга тўлсин юраги, майли.

Майли, ўксиб-ўксиб йиғласин…

Ҳалок бўлди, де, сен туфайли!

1840

 

ПОРТРЕТГА

Бола каби у қўнғироқ соч,

Меҳр ёғиб турар юзидан.

Тингламоқлик бағишлар қувонч,

Бол томади ҳар бир сўзидан.

 

Одат этмоқ ётдир руҳига,

Гоҳ севару гоҳ тез унутар.

Илон янглиғ сирғалар кўздан,

Қуш мисоли учар-да кетар.

 

Ёш, ярқироқ пешонасига

Ҳасрат битмиш, бахт битмиш дариғ.

Қалби уммон тубидек сирли,

Кундуз каби кўзлари ёруғ.

 

Бир қарасанг — тиниқ ёз куни,

Бир қарасанг — қорли қиш фасли.

Тушунмаслик мумкиндир уни,

Мумкин эмас, аммо, севмаслик.

Азамат ЗАРИПОВ тайёрлади.

Mavzuga oid yangiliklar

KOMBINAT MAHSULOTINING YUKSAK E’TIROFI

28.09.2017 08:36 2176

BUTUNJAHON INTELLEKTUAL MULK TASHKILOTI NKMK IXTIROCHILARINI OLTIN MEDAL BILAN TAQDIRLADI

28.09.2017 08:41 2170

YOZ-2017 NATIJALARI YAKUNLANDI

28.09.2017 09:52 1707

YOSHLAR BILAN ISHLASH – IFTIXOR VA DARKOR

02.10.2017 09:32 1582

SHAXSIY NAMUNA – ENG YAXSHI NAMUNA

02.10.2017 09:34 1004



KOMBINAT MAHSULOTINING YUKSAK E’TIROFI

KOMBINAT MAHSULOTINING YUKSAK E’TIROFI

Yevropa Sifat tadqiqotlari jamiyati dunyoning ishlab chiqarish korxonalari, tashkilot va oliy ta’lim muassasalarini xalqaro sifat talablari darajasidagi faoliyati…

BUTUNJAHON INTELLEKTUAL MULK TASHKILOTI NKMK IXTIROCHILARINI OLTIN MEDAL BILAN TAQDIRLADI

BUTUNJAHON INTELLEKTUAL MULK TASHKILOTI NKMK IXTIROCHILARINI OLTIN MEDAL BILAN TAQDIRLADI

Biz Navoiy kon-metallurgiya kombinati jahonda o‘ziga xos nufuzga ega ekanligini hamisha faxrlanib gapiramiz. Yaqinda korxona mutaxassislarining konchilik sohasidagi…

Yangiliklarga obuna bo'lish