БУГУН БУЮК ОЛИМ АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

Batafsil: Yaratildi: 04.09.2019 13:23 Tahrirlandi: 04.09.2019 14:14 Ko'rishlar soni: 102

Ўрта Осиё илк Уйғониш даврининг энг йирик вакили, жаҳон илм-фани тарихидаги машҳур олимлардан бири Абу Райҳон Беруний 362-ҳижрий йили зу-л-ҳижжа ойининг 3-сида, милодий ҳисоб билан 973-йилнинг 4-сентябрида Хоразмнинг Кот шаҳрига яқин жойда дунёга келди. Беруний ўз ватанида ўқиди ва шу ерда билимларини такомиллаштириб, энциклопедист олим бўлиб етишди. Беруний ўттизга яқин тилни, яъни араб, сўғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини, кейинчалик Ҳиндистонда санскрит тилини мукаммал билган ва мулоқот қила олган. Улуғ аллома умрининг охиригача илмий ишлар билан машғул бўлган ва милодий ҳисоб билан 1048 йилнинг 11 декабрида Ғазна шаҳрида вафот этган.

4 сентября2

Абу Райҳон Берунийнинг илмий даҳоси билан яратилган мислсиз кашфиётларга тўлиқ баҳо бериш мушкул. Тадқиқотчиларнинг келтиришича, улуғ алломанинг 145 та асаридан бизгача фақат 31 таси етиб келган бўлиб, шулардан 3 таси тарих ва хронология, 6 таси математика, 7 таси астрономия ва астрология, 1 таси геодезия, 1 таси маъданшунослик, 1 таси физика, 2 таси доришунослик, 3 таси фалсафа, 1 таси дин тарихи ва 2 таси адабиётга бағишланган. Бугунги кунга қадар 31 асаридан  24 таси немис, инглиз, рус ва ўзбек тилларига таржима қилиниб, 3 та асарининг арабча матни нашр этилган. Аммо, бизгача етиб келган қўлёзмаларнинг тўлиқ бўлмаган намуналари ҳам унинг нақадар бой илмий мерос қолдирганлигидан далолат беради.

 Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назариясини яратди. Ернинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни таклиф этди. Ер радиусини ҳисоблаб чиқди, вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берди. Колумб саёҳатидан 500 йил илгари Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлиги ҳақидаги қарашни илгари сурди, минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини ишлаб чиқди, геодезия фанига асос солди. Бутун дунёдаги табиий фанлар тарихчилари томонидан XI аср “Беруний асри” деб аталиши бежиз эмас.

Берунийнинг «Ҳиндистон» номли машҳур йирик асари «Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд мин маъқуда мақбула фи-л-ақл ав марзула» («Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби») 1030 йилда ёзилган бўлиб, бу шоҳ асар Ғарб ва Шарқ олимлари, шу жумладан, ҳозирги замон ҳинд олимлари томонидан юксак баҳоланган. Академик В.Р.Розен «Шарқ ва Ғарбнинг қадимги ва Ўрта асрдаги бутун илмий адабиёти орасида бунга тенг келадиган асар йўқ», деб баҳо берган эди. Америкалик тарихчи олим Ж. Сартон Берунийнинг меросига энг олий баҳо бериш билан бирга, унинг ўз даврининг жаҳондаги биринчи донишманди деб баҳолайди. Ҳинд олимлари ҳам Берунийнинг Ҳиндистон фалсафаси, илми, урф-одатлари тарихини ўрганишга қўшган улкан ҳиссасига ниҳоятда юқори баҳо берган.

4 сентября3

Абу Райҳон Беруний шунингдек, минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини ишлаб чиқди, геодезия фанига асос солди. Берунийнинг бизгача етиб келган “Қимматбаҳо жавоҳирлар ҳақида билимлар китоби. Китоб ал-жамоҳир фи-маърифат ал-жавоҳир”, яъни “Минералогия” асарида 30 дан ортиқ қимматбаҳо тош ва минералларнинг номлари, уларнинг кимёвий ва физикавий хоссаларини аниқлаш, эритиб синаш, конлардаги мавжуд деярли ҳамма қимматбаҳо тошлар ва турли маъданлар, уларнинг қотишмалари ҳақида илмий маълумотлар берилган. Асарнинг асосий қиммати шундан иборатки, унда минераллар солиштирма оғирлиги аниқ баён этилган. Берунийгача бундай иш антик даврда ва кейинчалик ҳам амалга оширилмаган эди. Аллома Архимед қонунига асосланган ҳолда бир қанча минераллар оғирлигини ниҳоятда аниқ ўлчаган. Беруний махсус асбоблар ёрдамида 50 модданинг, шу жумладан, 9 та металл, 18 та суюқлик, 3 та маъдан ва бошқа моддаларнинг солиштирма оғирликларини катта аниқликда ўлчаган. Мазкур масалани ечишда олим томонидан қуйидаги икки усул қўлланилган: бир хил қолипларда қуюлган, яъни тенг ҳажмга эга бўлган моддаларнинг оғирликларини ўлчаб, таққослаган ҳамда маълум оғирликдаги металл ёки маъдан бўлаги сиқиб чиқарган сувнинг оғирлигини ўлчаган. Ҳозирги замондаги энг замонавий сезгир ускуналар ёрдамида аниқланган ўлчов билан аллома ўлчови кўрсаткичларидаги фарқ юздан бирдан ҳам ошмаслиги Беруний даҳосининг далолатидир.

Беруний 100 мисқол (446,4 грамм) олтин ёки бошқа металл ва қимматбаҳо тошни олиб, улар сиқиб чиқарган сувнинг оғирлигини ўлчаган. Оғирликларни солиштириш учун эса эталон сифатида маъданлар учун энг оғир маъдан-сапфирни, металлар учун эса энг оғир бўлган металл-олтинни танлаганлигини ўз асарида келтиради. Металлар ва маъданларнинг солиштирма оғирликларини ўлчаш билан Беруний минералогиядаги асосий масала – маъданларнинг замонавий таснифига асос солди ва биринчи бўлиб, қимматбаҳо тошларни тасниф этишда ҳам мазкур усулни қўллаган.

Беруний “Минералогия” асарида маъданларнинг пайдо бўлиш назариясини ҳам ёритган. У маъданлар сувли эритмалардан кристалланиш йўли билан ва лойнинг қотиши натижасида ҳосил бўлишини келтиради. Жумладан, у маъданларнинг сувли эритмалардан пайдо бўлишини улардаги суюқлик томчиларининг мавжудлиги билан изоҳлайди: “Барча шаффоф маъданлар қотиб қолган оқувчан суюқликлардир. Бунга улардаги ўзга аралашмалар: ҳаво пуффаклар, сув томчилари, ўсимлик барглари, ёғоч бўлакларининг борлигига ишора қилади”. Ферузани Беруний ана шундай қотиб қолган лой деб ҳисоблаган. Унинг фойдали қазилма бойликлари чиқадиган конлар ҳақида берган маълумотлари нафақат фан тарихи учун, балки бугунги кундаги геология ва маъданшунослик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини аллома ижодини ўрганган олимларимиз алоҳида таъкидлаб ўтишган. Биз Берунийнинг машҳур “Минералогия” асари ҳақида тўхталиб ўтдик. Унинг “Ҳиндистон”, “Сайдана”, “Геодезия” каби асарлари бугунги кунда ҳам ўзининг илмий қиммати билан тадқиқотчилар энг кўп мурожаат қиладиган китоблар қаторига киради.

 2017 йилда Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти ташаббуси ва ҳомийлигида “Қимматбаҳо жавоҳирлар ҳақида билимлар китоби. Китоб ал-жамоҳир фи-маърифат ал-жавоҳир” асари Навоий давлат кончилик институти ҳамда Тошкент шарқшунослик институти олимлари ҳамкорлигида аратилганидан минг йилдан сўнг ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилиши илмий жамоатчилик учун катта воқеа бўлди.

Биз ҳар биримиз ўзимизга илм олиш қандай бўлади, дея савол беришимиз мумкин. Бунда бизга ота боболаримизнинг илмга муносабати намуна бўлиши керак. Бу борада ҳам бошқалардан эмас, ўз юртимизда яшаб ўтган, томирларимиз туташиб кетган Берунийдек буюк бобокалонларимиздан ибрат олмоғимиз даркор.

Холмамат РАУПОВ,

тарих фанлари номзоди.

Mavzuga oid yangiliklar

KOMBINAT MAHSULOTINING YUKSAK E’TIROFI

28.09.2017 08:36 2176

BUTUNJAHON INTELLEKTUAL MULK TASHKILOTI NKMK IXTIROCHILARINI OLTIN MEDAL BILAN TAQDIRLADI

28.09.2017 08:41 2170

YOZ-2017 NATIJALARI YAKUNLANDI

28.09.2017 09:52 1707

YOSHLAR BILAN ISHLASH – IFTIXOR VA DARKOR

02.10.2017 09:32 1581

SHAXSIY NAMUNA – ENG YAXSHI NAMUNA

02.10.2017 09:34 1004



KOMBINAT MAHSULOTINING YUKSAK E’TIROFI

KOMBINAT MAHSULOTINING YUKSAK E’TIROFI

Yevropa Sifat tadqiqotlari jamiyati dunyoning ishlab chiqarish korxonalari, tashkilot va oliy ta’lim muassasalarini xalqaro sifat talablari darajasidagi faoliyati…

BUTUNJAHON INTELLEKTUAL MULK TASHKILOTI NKMK IXTIROCHILARINI OLTIN MEDAL BILAN TAQDIRLADI

BUTUNJAHON INTELLEKTUAL MULK TASHKILOTI NKMK IXTIROCHILARINI OLTIN MEDAL BILAN TAQDIRLADI

Biz Navoiy kon-metallurgiya kombinati jahonda o‘ziga xos nufuzga ega ekanligini hamisha faxrlanib gapiramiz. Yaqinda korxona mutaxassislarining konchilik sohasidagi…

Yangiliklarga obuna bo'lish