ҚАТОРДА НОРИНГ БЎЛСА...

Batafsil: Yaratildi: 09.08.2019 08:55 Tahrirlandi: 09.08.2019 08:55 Ko'rishlar soni: 284

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги олдидан

Бугун мамлакатимизда энг улуғ, энг азиз байрамга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Айниқса, жойлардаги айёмга тараддуд шукуҳини кўриб, дилингиз яйрайди. Ҳар бир меҳнат жамоаси эса ушбу айёмни улкан ютуқлар, ёруғ юз билан қарши олаётгани таҳсинга лойиқдир.

Ҳозирда кон-металлургия соҳасининг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга камарбаста бўлиб, зиммасига олган улкан стратегик вазифаларни собитқадамлик билан бажариб келаётган бир корхона борки, бу ҳақида қутлуғ байрам арафасида тўхталмасдан иложимиз йўқ. Бу – барчамизга маълум ва машҳур Марказий кон бошқармасига қарашли Автомобиль транспорти бошқармасидир.

9 августа

Бошқармани катта ҳажмдаги юк ташиш техникалари бўйича мамлакатимизда етакчи автокорхона, десак янглишмаймиз.

Айниқса, мустақиллик йилларида мазкур автокорхона ҳар томонлама равнақ топди. Босқичма-босқич модернизациялаш ҳисобига имкониятлари, бажараётган иш ҳажми янада кенгайди.

Йигирма тўрт гектар майдонни эгаллаган бу корхона ҳовлисига кирган кишининг, аввало, бу манзилдаги ҳар бир нарса жой-жойида, саранжом-саришталигига ҳаваси, улкан ва баҳайбат автомашиналар қаршисида эса ҳайрати ошади. Тўғри, қудратли техникалар ҳақида кўп эшитганмиз, телевидение орқали кўрганмиз. Лекин бу таассуротларни дунёқарашимизда оддий, жўн тасаввур этган эканмиз. Чунки буни жойига бориб, шундоққина қаршисида туриб кўрган бошқача экан.

- Ишхонада аввало, орасталик бўлиши керак. Негаки, тозалик, аҳиллик бор жойда дилинг яйрайди, одамнинг кайфияти кўтарилади, ишда унум ва барака бўлади. Жамоамиз билан кенгашиб, муҳим сана олдидан автокорхонада кенг кўламли ободонлаштириш, бир қатор бўлимларимизда кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилди, - дейди бошқарма бошлиғи Руслан Турсунов.

9 августа2

Дарҳақиқат, 1967 йилдан иш бошлаган ушбу корхона ўтган даврда улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Айниқса, мустақиллик берган имкониятлар корхона учун янги уфқларни очди. Кўп миллатли жамоа мана ярим асрки, “Мурунтов”, “Ауминзо-Амантой” конларидан таркибида қимматбаҳо металлар бор фойдали қазилмаларни белгиланган манзилларга ташиш, рудаларни юклаш,  транспортларга техник хизмат кўрсатиш ишлари, бир сўз билан айтганда, мураккаб шароитларда хизмат қилаётган кончиларимиз ишига камарбаста бўлиб келмоқда.

ИЗЛАГАН ИМКОН ТОПАР...

Мустақиллик йилларида корхонани ривожлантириш йўлида олиб борилган ишлар натижасида автокорхонада узоқ йиллар фойдаланиб келинган 27 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга бўлган “БелАЗ-540” русумли автосамосваллар ўрнини аста-секин 220 тоннагача юк кўтариш қувватига эга бўлган “БелАЗ-75310” русумли замонавий техникалар эгалламоқда.

9 августа3

Ҳозир бошқармада мавжуд замонавий техниканинг 150 га яқинини кон ишларига мўлжалланган техникалар, 140 дан ортиғини эса махсус техникалар ташкил этиб, улардан ишлаб чиқариш жараёнларида муваффақиятли фойдаланилмоқда.

- Ривожланиш асрида ҳаётимиз шиддат билан илдамлаб бормоқда. Замонга ҳамоҳанг эргашмасак, албатта, тараққиётдан ортда қолишимиз тайин. Бу - ҳаёт қонунияти. Демоқчиманки, техникаларнинг замонавий, янги авлоди кашф этилмоқда. Аниқроғи, бир вақтнинг ўзида ўнлаб техникаларнинг ўрнини босувчи ёки ишини бажаришга қодир техникалар яратилмоқда. Шу сабабли, давлатимиз ва комбинатимиз кўмагида босқичма-босқич янги техникалар харид қилиш ишлари доимий равишда давом этиб келмоқда. Қувончлиси, ушбу замонавий техникалар ўзимизда йиғилмоқда. Ҳозиргача донғи кетган ва ҳар томонлама ўзини оқлаб келаётган қудратли техникалар ишлашини таъминлаб келмоқдамиз. Бу имкониятлар белгиланган режаларни ортиғи билан уддалашимизни таъминлайди, - дейди бошқарма раҳбари Р.Турсунов мамнунлик билан.

Ҳа, бугун биз билган бу мажмуа жамоаси кечани-кеча, кундузни-кундуз демасдан, энг мураккаб шароитларда ҳайбатли техникалар жиловини маҳкам тутганча, ўз измига бўйсундириб, жамиятимизга, комбинатимизга фидокорона хизмат қилмоқда. Шундай қувончли лаҳзаларда хаёлимиздан фақат бир фикр кечди: “Қаторда шундай норларинг бўлса, юкинг ерда қолмагай”...

ҒАЙРАТ ҲАЙРАТГА СОЛДИ

...Бошқарма мутахассисларининг саъй-ҳаракати билан автотаъмирлаш цехи таркибида зарурий эҳтиёжга кўра ва 1995 йилда Германиянинг “Tip-Top” фирмаси технологиялари асосида автошиналарга хизмат кўрсатувчи бўлинма ташкил этилди. Бу ташаббус ҳар томонлама ўзини оқлаб, ортиқча сарфланаётган маблағларни иқтисод қилиш, техникалар туриб қолишининг олдини олиш имконини берди.

9 августа4

- Ушбу бўлинма ташкил этилган даврда шиналарга ишлов берадиган ускуналарни ишлатиш бўйича С.Хубер, М.Рудольф каби мутахассислар бору йўғи ўн кунгина маҳорат дарсларини ўтган, холос. Қолганини чет эллик мутахассисларга эҳтиёж қолдирмасдан, ўзимиз уддалаб, эплаб кетдик. Чет эллик таъминотчилар бизнинг зеҳнимизга қойил қолишди. Ишимиз шу соҳа бўйича дунё бозорини эгаллаган фирма томонидан юксак эътироф этиб келинмоқда. Ҳозирда биз қайта ишлов бераётган, ҳар биттасининг нархи ўртача 36 минг АҚШ доллари турадиган “4000R57” маркали кенг ҳажмли шиналар таъмирдан сўнг ўртача яна 20-25 минг километрда юк ташиш имконини бермоқда. Айни пайтда биз Япониянинг “Bridgestone”ва Франциянинг “Micheliu” машҳур фирмалари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз, - дейди ушбу касб ҳадисини чуқур ўзлаштириб олган мутахассис Мадамин Деҳқонов.

Хайрлашиш палласида ғайрати бизни ҳайратга солган, улкан шиналарга моҳирона ишлов бераётган мутахассислар ишидан, мароқли гурунгидан кўнглимиз равшан тортиб, шундай оддий, фидоий инсонлар билан замондош эканлигимиздан фахрланиб, навбатдаги манзилга йўл олдик...

ҲАРАКАТЛАР КАФТДАГИДЕК НАМОЁН

Ишлаб чиқариш бўлимини бошқариш марказидаги кўрган-билганларимиз янада қизиқишимизни, диққатимизни оширди. Харитага ўхшаш манбааларга муҳрланган ҳар хил чироқлар, кўрсаткичларга уйғунлашган нуқталар ҳаракатига эътибор берган бўлсакда, моҳиятини тўла англолмай турганимизда, Орифжон Маматов ёрдамга келди.

- Биласиз, ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб кетди. Сизлар диққатингизни қаратган харита бу – ҳаракатдаги  техникаларимиз ҳақида тўла маълумот берувчи мослама. Деспетчерлик пульти орқали транспортларимизни кеча-ю кундуз назорат қилиб турамиз.Мисол учун, сизларни мана шу рақамдаги автосамосвал ҳақидаги маълумотлар қизиқтирса, марҳамат! Ҳайдовчиси ким, бугун қанча руда ташиди, юкланган руда ҳажми қанча, кун давомида қанча масофа босди, қанча ёқилғиси қолган, нега тўхтаб турибди ва ҳокоза-ҳокоза. Барчасини билиб олишларингиз мумкин. Бундан ташқари, юзага келган баъзи носозликлар учун узоқ масофалардан ортиқча вақт ва ёқилғи сарфлаб келиб-кетиш, иш унумдорлигини тушурмаслик учун ҳар қандай вазият юзага келганда, жойига бориб таъмирлаш ишларини амалга ошириш шарт-шароитларини яратганмиз. Қолаверса, мавжуд барча цехлар тўлиқ камералаштирилган. Доимий кузатиб, ҳолатлар юзасидан тегишли мутасаддиларни огоҳ этиб борамиз, - дейди суҳбатдошимиз.

Марказга шундоққина бақамти бўлган таъмирлаш цехини бир муддат томоша қилдик. Махсус коржомаларда улкан техникаларни созлаш бўйича иш олиб бораётган, қўллари мойга беланган таъмирловчиларда бир муддат ҳам тиним йўқ. Ўз ишининг билимдонлари қалбида тезроқ автосамосвалларни таъмирлаб, ишлаб чиқаришга йўналтириб юбориш орзу-истаги жўш ураётганини ҳис қилиш мумкин.

-  Ҳозир “БелАЗ-7513” русумли автосамосвални таъмирлаб муддатидан олдин созлаш тараддудиман. 15 йилдан буён шу корхонада ишлайман. Касбимдан фахрланаман. Жамоамиз жуда аҳил. Бир-биримиздан қўлдан келган ёрдамимизни аямаймиз, - дейди Улуғбек ака Тўхтаев.

ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА...

Саёҳатимиз давомида яна бир қизиқ воқеликка гувоҳ бўлдик. Бу корхонада аксарият автобазаларда учрамайдиган бир имконият, билим ва амалиёт мужассамлигини таъминлайдиган шароит мавжудлиги бизни қувонтирди. Жумладан, корхонада ўқув маркази ташкил этилган. Бу ерда доимий равишда мутахассислар ва ёшлар тажрибасини,  қудратли техникаларни бошқариш сир-синоатини ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан ўрганиш имкони мавжуд.

-  Маълумки, корхонамиз Белоруссия давлати билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозир бизда ишлатилаётган аксарият техникалар ушбу мамлакат маҳсулоти. Сизлар қаршингизда турган мана бу қурилмани ҳам бизга улар совға қилишган. Марҳамат, у орқали сизлар ҳам бемалол қудратли техникаларни бошқариш имконига эгасиз, дея бизни амалий машғулотга чорлади ҳайдовчи-йўриқчи Абдурашид ака Ҳошимов.

Ё қудратингдан! Бу қурилмага ўтирган заҳотингиз ўзингизни худди ҳақиқий ҳайдовчилардек ҳис этасиз. Компьютерда берилаётган топшириққа кўра, истаган синовдан ўтишингиз мумкин. Жумладан, қудратли машинани кенг йўлда, ёмғирли, қорли кунларда, қоронғу кечада, энг мураккаб жойларда, тик қияликларда бошқариш маҳоратингизни синаб кўришингиз мумкин.

Мен ва муҳарриримиз Н.Садриддинов бирма-бир рулга ўтирдик. Қурилма бўлса ҳам, шошиб қолдик. Иккаламизни ҳам ҳаяжон босди. Тажрибасизлигимиз, техника бошқармаганимиз боис, бир неча таъқиқланган кўрсаткичларга дарз етказиб, техникани бошқариш қоидаларини буздик. Ушбу паллада хаёлимиздан: “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоби сўйсин экан”, деган фикр кечди.

ЁҚИЛҒИ СИФАТИ – ТЕЖАМКОРЛИК ГАРОВИ

Биласизми, катта маблағлар ҳисобига харид қилинган қудратли техникалар узоқ вақт, таъмирсиз ишлаши нимага боғлиқ? Албатта, биринчи навбатда ишлатилаётган ёқилғи-мойлаш материаллари, жумладан, бензин, дизел ёқилғиси ва бошқа материалларнинг O`z DST 17025:2007 стандартига мослиги, сифати ва яроқлилигига боғлиқ. Жумладан, ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиш мақсадида, бошқармада ёқилғи-мойлаш материаллари марказий лабораторияси ташкил этилган. Бу ташаббус ёқилғи-мойлаш материалларини ўз вақтида замонавий назорат ўлчов ускуналари орқали таҳлилдан ўтказиб бориш, мониторингини юритиш, техникаларнинг узоқ вақт ишлаши ва соз ҳолда сақланишини таъминламоқда.

9 августа5

- Ҳар куни ўнлаб ёқилғи таҳлилларини ўтказаман. Кўп ҳолларда сифатсиз маҳсулотларни ишлатишдан сақлаб қолиб, корхонага меҳнатим сингаётганидан қувонаман, - дейди лаборант Дилбар Исмоилова.

Ижодий сафардан фидоийлик, жонкуярлик фазилатига эга одамлар  ҳузуридан, улар билан ўтган жонли гурунгдан улкан таассуротлар билан манзилга қайтдик...

Абдумажид ЖЎРАЕВ,

НКМК Матбуот маркази бошлиғи –

бош директорнинг матбуот котиби.

НКМК Матбуот марказининг ижтимоий тармоқ ва мессенжерларидаги расмий саҳифалари:

https://t.me/pressangmk

www.fb.com/pressa.ngmk 

www.twitter.com/pressa_ngmk

Mavzuga oid yangiliklar

KOMBINAT MAHSULOTINING YUKSAK E’TIROFI

28.09.2017 08:36 2287

BUTUNJAHON INTELLEKTUAL MULK TASHKILOTI NKMK IXTIROCHILARINI OLTIN MEDAL BILAN TAQDIRLADI

28.09.2017 08:41 2277

YOZ-2017 NATIJALARI YAKUNLANDI

28.09.2017 09:52 1792

YOSHLAR BILAN ISHLASH – IFTIXOR VA DARKOR

02.10.2017 09:32 1655

SHAXSIY NAMUNA – ENG YAXSHI NAMUNA

02.10.2017 09:34 1086