ТЕМИР ЙЎЛ ТРАНСПОРТИ ХОДИМЛАРИ КУНИ ОЛДИДАН

Batafsil: Yaratildi: 26.07.2019 10:41 Tahrirlandi: 26.07.2019 11:01 Ko'rishlar soni: 184

ЖАДАЛ РИВОЖЛАНИШ ЙЎЛИДАН

Давлатимиз тараққиётида темир йўл транспорти муҳим ўрин тутади. Бу борада юртимизда ушбу соҳа жадал суръатлар билан илгарилаб бормоқда. Жумладан, мустақиллик шарофати билан янгидан-янги темир йўллар барпо этилиб, узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилишга хизмат  қилмоқда. Бундан ташқари, темир йўл борган манзилда, албатта, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, бошқа ҳудудлар билан тезкор иқтисодий алоқалар ривожланади. Бугунги кунда комбинатимиз бўлинмалари жойлашган манзилларга ҳам темир йўл излари тортилиб, тараққиётимизга муносиб хизмат қилмоқда. Ана шундай илғор бўлинмалардан бири – Марказий кон бошқармасига қарашли Темир йўл транспорти бошқармасидир.

26 июля

Дарҳақиқат, коммуникация тар­моқлари ичида темир йўл транспорти тизими алоҳида аҳамиятга эга. Темир ­йўлларнинг мамлакат тарақ­қиётида тутган ўрнини, хусусан йўловчилар ва юкларни манзилларга етказишга қўшаётган ҳиссасини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Зеро, бежизга темир йўл транспорти соҳасини “иқтисодиётнинг қон томири”, дея номлашмаган.

Бизнинг бошқарма комбинатдаги энг йирик корхоналардан бири бўлиб, айни пайтда ишлаб чиқариш жараёнида кон билан завод ўртасидаги асосий кўприк вазифасини ўтаб келмоқда.

Ҳозирда бизда мингдан ортиқ ишчи-хизматчилар, турли касб эгалари – тепловоз машинисти, йўл тузатувчиси, чилангар, пайвандчи, таъмирловчи, электромонтёр каби ўз соҳасига сидқидилдан ёндашадиган инсонлар куну тун меҳнат қилиб келишмоқда. Бошқармамиз “Мурунтов” ва “Мутинбой” конлари билан 2-Гид­рометаллургия заводини бир-бирига боғлаб турибди. Бундан ташқари, саноат корхоналарига ишчиларни ташиш каби масъулиятли вазифани ҳам бажариб келмоқдамиз. Мазкур юмушларга 17 та “ЭР-2” русумли йўловчи вагонлар, 500 дан ортиқ юк ташувчи вагонлар, 17 та магистрал ҳамда 12 та маневрли теп­ловозлар жалб этилган.

Айни пайтда бошқарма тасарруфида йўл, локомотив, вагон, электромеханика, эксплуатация, сигналлаштириш, марказлаштириш, блоклаш, назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика ҳамда алоқа хўжаликлари мавжуд.

26 июля2

Биз яқин йилларгача вагон­лар учун талаб этиладиган эҳтиёт қисм­ларни катта маблағлар ҳисо­бига четдан олиб келардик. 2015 йилдан буён вагонларни таъмирлаш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб-чиқариш бирлашмасида тайёрланмоқда. Шунингдек, маҳаллийлаштириш дас­тури асосида бошқармада “2ВС-105” русумли ағдарма-вагонларни йиғиш ва капитал таъмирлаш йўлга қўйилди. Вагон хўжалиги бошлиғи С.Умаров, вагонларни таъмирлаш участкаси бошлиғи А.Пардаев, вагон хўжалиги муҳандис-технологи З.Раҳмонов, вагонларни таъмирлаш участкаси усталари О.Сайфуллаев, А.Исломов, И.Тошев, С.Жиянов, Г.Намозов каби малакали мутахассисларимиз ҳамда меҳнатсевар жамоамиз саъй-ҳаракатлари билан жорий йилнинг ўтган даврида олтита шундай вагонни таъмирлашга эришилди.

Қолаверса, замонавий вагон депоси барпо этилиб, теп­ловоз депоси қайта таъмирланиб, керакли ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Ушбу деполарда вагон ва тепловозларни капитал ҳамда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли ёқилғи ва энергия ресурсларини тежаш, ортиқча харажатлар, энг асосийси, овворагарчилик­ларни бартараф этишга эришилди. Қувонарлиси, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 2-Гид­рометаллургия заводига кон рудаларини ташиш режаси 101,5 фоизга, бошқа турдаги юкларни ташиш – 111 фоизга бажарилди.

“Мурунтов” конидан қазиб олинаётган рудани 2-Гидрометаллургия заводига келтириш, халқ хўжалиги юкларини ташиш самарали амалга оширилмоқда. Марказий кон бошқармасининг икки мингга яқин ишчи-ходимларини “ЭР-2” русумли йўловчиларга мўлжалланган вагонлар ёрдамида “Бессопан” саноат майдончасига ишга элтиб келиш ҳам юқори савияда ташкиллаштирилган.

Албатта, ижобий кўрсаткичларга эришишда бошқарманинг кўп сонли меҳнаткашларининг самарали­ меҳ­­нат­лари бор. Юздан зиёд ишчи ва хизматчиларнинг “Навоий кон-металлургия комбинати фахрийси” ҳамда 1,2,3-даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари билан тақдирланган ҳам бу ерда кўплаб моҳир темир йўлчи ва муҳандислар, мазкур соҳада билим ва тажрибасини аямайдиган инсонлар фаолият юритаётганидан далолат бериб турибди. Шу ўринда А.Андреев, Ш.Очилов, У.Болтаев, Ф.Ғайбуллаев, Е.Жолдасов, С.Исламов, Г.Исманов, А.Кенжалиев, М.Комилов, А.Қо­симов, Х.Қўлдошов каби жонкуяр ишчи-ходимларимиз меҳнати ало­ҳида эътирофга лойиқ.

Бошқарма касаба уюшма қў­митаси “Инсонлар – комбинатнинг энг асосий бойлиги” шиорига амал қилган ҳолда ишчи-хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида, юртимиздаги дам олиш ва соғлом­лаштириш масканлари, улар фарзандлари учун эса болаларни соғломлаштириш ором­гоҳларига йўлланмалар билан таъминлаб келмоқда. Шу билан бирга, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимларга моддий ёрдам кўрсатилиши ҳам йўлга қўйилган. Бу хайрли ишларда Н.Муҳаммедов бош-қош бўлиб келмоқда.

Бошқарма жамоаси олдида янги мақсад ва ре­жа­лар муштарак. Бунинг учун эса фаолиятга­ инновацион технологияларни жалб этиш чоралари кўрилмоқда. Яқин келажакда ишга тушириладиган мўлжалланган кон ва ишлаб-чиқа­ришга мўлжалланган муҳим объектларда ҳам темир йўл транспорти хизматларини йўлга қўйиш юзасидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилаяпти.

Барча темир йўлчиларни анъанавий тарзда нишонланиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни байрами билан самимий муборакбод этаман. Шарафли касб эгаларининг ишларига ҳамиша омад ёр бўлсин!

Ҳасан ВОҲИДОВ,

Марказий кон бошқармаси

Темир йўл транспорти бошқармаси бошлиғи.

НКМК Матбуот марказининг ижтимоий тармоқ ва мессенжерларидаги расмий саҳифалари:

https://t.me/pressangmk

www.fb.com/pressa.ngmk 

www.twitter.com/pressa_ngmk

Mavzuga oid yangiliklar

KOMBINAT MAHSULOTINING YUKSAK E’TIROFI

28.09.2017 08:36 2287

BUTUNJAHON INTELLEKTUAL MULK TASHKILOTI NKMK IXTIROCHILARINI OLTIN MEDAL BILAN TAQDIRLADI

28.09.2017 08:41 2277

YOZ-2017 NATIJALARI YAKUNLANDI

28.09.2017 09:52 1792

YOSHLAR BILAN ISHLASH – IFTIXOR VA DARKOR

02.10.2017 09:32 1655

SHAXSIY NAMUNA – ENG YAXSHI NAMUNA

02.10.2017 09:34 1086