ЁШЛАР СОҚОЛ ҚЎЙИШИ БУ ҲАВАСМИ Ё БЕБОШ ҚИЛИҚ?

Batafsil: Yaratildi: 11.07.2019 15:12 Tahrirlandi: 11.07.2019 15:17 Ko'rishlar soni: 112

11 июль7

Ҳар куни оиламиз хотиржамлиги, тинчлигимиз барқарорлигига шукроналар айтамиз. Албатта, бундай бахт барчамизни улуғ ишларга чорлайди. Эрта тонгдан кимдир ишга, бозор-ўчарга шошади. Кўчада фарзандини болалар боғчасига, неварасини мусиқа мактабига, спорт тўгаракларига етаклаб кетаётган ота-оналарни, буви ва буваларни кўриб кўзингиз яйрайди.

Лекин бугунги дунё ҳаётида оломонча маданият, енгил-елпи ҳаёт, ахлоқсизликни намойиш этувчи фильмлар, мусиқа ва клиплар, интернет орқали тарқалаётган турли шов-шувли маълумотлар инсоннинг осуда ва соғлом ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатиб, жамиятда беқарор ҳолатларга сабаб бўлаётгани сир эмас.

Бугун шундай ҳолатлардан бири ҳақида фикр­лашсак. Албатта, шоли кўрмаксиз бўлмаганидек, кимнингдир кўнглини оздирадиган, балки айримларга кўникма бўлиб бораётган баъзи иллатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Булардан бири – ёш йигитларнинг соқол қўйиб юришни одат қилаётганлигидир. Бу – менинг фикрим, сизнинг муносабатингиз эса ихтиёрий.

Баъзи паллаларда узукка кўз қўйгандек бир-бирларига ярашган, ораста кийинган ёш келин ва куёвни кўриб, беихтиёр биз катталар ёшликни эслаймиз. Беихтиёр кўнгилдан, илоҳим бахтли бўлишсин, деган беғубор ният ўтади. Кўзни қувонтирадиган бундай жуфтликларни кўриб, ҳаётимизга шукроналар айтамиз.

Кўзга ташланиб туради, баъзи ёш жуфтликларда бир ҳолат кўнгилни бироз хира қилади. Бошни чайқаб қоласан. Келин кўзни яшнатиб ўзига мос миллий либос ва зар дўппини кийиб олган, лекин куёвчи? Бунинг акси, калта шимга пайпоқсиз пойабзал кийган. Энг хунуги соқоли олинмаган. Бу кўриниш маданиятимизга, ўз жуфти ҳалолига нисбатан ноҳақлик эмасми?, - деб ўйлаб қоласан.

Мавзуга оид яна бир ҳолат. Эътибор берсангиз, баъзи иш жойларида такси хизматида, 25-35 ёшдаги ишчи-ходимлар орасида ҳам соқол қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунга барчамизнинг, аниқроғи, кичик ва катталарининг ҳам кўзи ўрганиб қолгандек!? Унутмаслик керак, иш жойи бу – жамоат жойи. Меҳнат жамоаларида одобга риоя этадиган, кийиниш ва юриш-туриш қоидаларини ҳурмат қиладиган катта-кичик ёшдаги одамлар бор. Улар соқолли ёшларга эътибор бермасмикан!? Менимча уларга ҳам бу “мода” ёқмаса керак!?. Лекин миллатимизда андиша, ғурур бор. Ёшларимиз эса ўзларининг эҳтиросларига берилиб, унинг кетидан кўр-кўрона эргашмоқдалар.

Менинг фикримча, одам кўпчиликка қўшилдими, албатта, ҳамма қатори бўлиши керак. Одоб-аҳлоқ – даражалари барча учун баробар. Балки, соқол ўстириб юришдан ғурурланаётган ёшларга бу гаплар ёқмаслиги мумкин. Нима бўлганда ҳам қандайдир ёт, ташқи хуружларга берилиб гул ёшликни увол қилмаслик яхшида. Умр ўтиб кетади, лекин инсонийликка риоя этиш, очиқ ва тиниқ юз билан ёшликни ўтказишни урф қилмоқ – бу юксак шараф ва одобдир.

Бугунги ёшларимиз яратилган шароитларга монанд шижоатли. Бир гап билан ўз камчиликларини тўғрилашади. Баъзида саломлашишда ёки орасталикда эътиборсиз бўлган ёшларга ўз жойида танбеҳ бераман. Отасига раҳмат! Баъзилар эътирозларимни тўғри қабул қилади.

Хулосаки, оилада ота-оналар фарзандларига одоб-аҳлоқни тушунтириш ва талаб қилиш, иш жойида эса фидоий устозлар, раҳбарлар ёшларга тарбия беришни унутмаслик керак. Лоқайд бўлсак, дахлдорлик туйғуси қаерда қолади!?

Ғофуржон ЮЛДАШЕВ,

Марказий кон бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари.

 

 

СОҚОЛ ҲАҚИДА

 

Сен соқол қўйибсан, чиройли соқол,

У сенга бирмунча ярашибди ҳам.

Ўзингча кашф этиб ўзга бир олам,

Ўзингча юрибсан мағрур ва хушҳол.

 

Мен сенга термулиб қоламан ҳайрон,

Наҳотки ёшликдан безибди, дейман.

Наҳотки бемаҳал совуб қайноқ қон,

Қалбида кексалик сезибди, дейман.

 

Биламан болалар болалигида,

Тез катта бўлмоқни қилади ҳавас.

Сен ахир йигит-ку, чўнг билагида,

Ёшликнинг виқори ёнган басма-бас.

 

Наҳотки, ёшликдан сен шунча тўйдинг,

Наҳотки тафтига беролмадинг дош.

Наҳотки ўтида бемаҳал куйдинг,

Ҳижронга отдими бирон қаламқош!

 

Ё, сени ёшликнинг азимкор қўли,

Бир синиқ сополдек улоқтирдими?

Ё сени босдими гумроҳлик сели,

Алдамчи хаёллар йўлдан урдими?

 

Кексалик хилватин ё тинчроқ билиб,

Бошпана қидириб қолдингми, қочоқ.

Бегона мавсумдан ўлжа қидириб,

Бегона завқларга очдингми, қучоқ?

 

Кишилар ёш ўтиб, сипо тортганда,

Соқолни ўзига кўради раво.

Нега сен ёшликни қилиб бот канда,

Дардингга изладинг соқолдан даво!

 

Ё тентак ҳавасми, ё бебош қилиқ?

Шундайми? У ҳолда соқолни қирдир.

Ёшликка ёшликнинг ўз кўрки лойиқ,

Ёшликда ёшликнинг гавҳарин қидир!

 

Ҳар ёшнинг ўз гашти, ўз жамоли бор,

Бегона завқ-шавқни қилма ихтиёр!

ШУҲРАТ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

 

 

 

 

 

Mavzuga oid yangiliklar

QUTLUG‘ YO‘LDA YO‘LBOSHCHINGGA YELKADOSH BO‘L

13.09.2017 10:41 2151

KOMBINAT MAHSULOTINING YUKSAK E’TIROFI

28.09.2017 08:36 1976

BUTUNJAHON INTELLEKTUAL MULK TASHKILOTI NKMK IXTIROCHILARINI OLTIN MEDAL BILAN TAQDIRLADI

28.09.2017 08:41 1947

YOZ-2017 NATIJALARI YAKUNLANDI

28.09.2017 09:52 1549

YOSHLAR BILAN ISHLASH – IFTIXOR VA DARKOR

02.10.2017 09:32 1441