СУВ КЕЛТИРГАН ЭЛДА АЗИЗ

Batafsil: Yaratildi: 02.07.2019 10:04 Tahrirlandi: 02.07.2019 10:04 Ko'rishlar soni: 116

Қурилиш индустрияси мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади. Негаки, қўли гул қурувчиларимизнинг заҳматли меҳнатлари эвазига обод масканлар сони кўпаяди, янги бино ва иншоотлар, кўркам кўчалар барпо этилади. Турмушимиз яхши бўлиши учун қулай шарт-шароитлар яратилиши натижасида инсонлар ҳаётга бўлган муносабати, дунёқараши ўзгаради. Энг муҳими, давлатидан рози бўлади.

2 июля

Бугун жонажон Ўзбекистонимиз улкан қурилишлар майдонига айланди. Буни барчамиз жойларда кечаётган улкан бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари мисолида гувоҳи бўлиб турибмиз. Мамлакатимиз саноти байроқдори комбинатимизда ҳам бу борада жуда кўплаб аниқ манзилли дастурлар асосида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шулардан бири Амударёдан Зарафшон шаҳрига қадар 250 километр узунликдаги учинчи сув қувури қурилишидир. Яқинда у ердаги жараёнлар билан танишиб, қурувчиларнинг чўл шароитида катта қаҳрамонликлар кўрсатаётганликларига гувоҳ бўлдик. Айниқса, ёзнинг жазирама иссиғию қишнинг изғирин совуғида меҳнат қилаётган инсонларнинг ҳар бир кунини жасоратга менгзаш ўринли бўлади. Чунки, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган бийдек чўлда ишлаш кишидан матонат талаб қилади. Комбинатни 2026 йилгача ривожлантириш дастурига киритилган мазкур объектнинг 3- ва 4-насос станциялари оралиғида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

2 июля2

Зарафшон қурилиш бошқармаси “Саноатэлектромонтаж” трестининг бу ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлари ҳузурига етиб борганимизда кун ярмига етган, қуёш бутун борлиқни ўз тафти билан қиздирарди. Саксовулли кенг дашту биёбонлар, аҳён-аҳёнда кузатиладиган қум кўчкилари чўлнинг ўзгармас қонун-қоидалари борлигидан дарак беради. Ҳаво ҳарорати 37-38 даража иссиқликни кўрсатаётган бўлсада, чилангарлар диаметри 1200 миллиметрли қувурларни пайвандлаш ишлари билан банд. Вахта усулида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ўй-фикрида зиммаларига юклатилган вазифани ўз вақтида ва сифатли қилиб бажариш, комбинатимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшиш истаги зоҳир эди. Бизни қарши олган инсон ҳамроҳим, комбинат Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Холмамат Рауповнинг ҳамқишлоғи бўлиб чиқди. Корхонада 16 йилдан буён меҳнат қилиб  келаётган Тўлқин Намозов ишчиларга барча шарт-шароитлар, соғлиқларини мустаҳкамлашлари ва дам олишлари учун яратилган имкониятлар ҳақида тўлқинланиб гапирди. Шу орада трестнинг 1-қурилиш-монтаж бошқармаси бошлиғи Ҳамид Дилов ёнимизга етиб келди.

“Саноатэлектромонтаж” трести қарийб минг кишилик жамоага эга. Амударё-Зарафшон сув қувурининг учинчи босқичи қурилишида асосий ишлар трестнинг 1-қурилиш-монтаж бошқармаси аҳил жамоаси зиммасига юкланган. Айни пайтда 3- ва 4-насос станциялари оралиғида сув қувурларини тортиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ҳозирги кунга қадар бошқарма қурувчилари 6,6 километр узунликдаги қувурларнинг монтаж ишларини якунлашди. Жамоа ишни шундай суръат билан давом эттирса, йил якунига қадар 15,8 километр масофада қувурлар тортилади.

2 июля3

– Жамоамизда монтажчи Фарҳод Юсупов, пайвандчи ака-укалар Сирожиддин ва Рашид Самадовларни алоҳида эътироф этсак арзийди. Улар соҳада катта тажрибага эга мутахассисларимиздан. Айтайлик, 28 йиллик тажрибага эга ака-ука пайвандчилар ҳар доимгидек кунлик топшириқларни ортиғи билан бажаришаяпти. Уларнинг сифатли иши, вазифасига масъулияти раҳбарият томонидан юксак қадрланаяпти, - дейди Ҳамид Дилов.

Ўзгача бир иштиёқ билан меҳнат қилаётган ёш йигит, пайвандчи Нусрат Нормуродовнинг йирик қувурларни улаш учун пайванлаш ускуналардан маҳорат билан фойдаланиши эътиборимни тортди. Қурувчи-қаҳрамонларимиз ўз касби заҳмату қийинчиликларини зиммага олиб, шу соҳани танлашган. Суҳбат жараёнида Ҳамид Дилов 2025 йилга қадар муҳим объект қурилишини тўлиқ якунлаш режалаштирилганлигини алоҳида таъкидлади. Йилнинг тўрт фаслида ишни бир маромда ташкил этган жамоа бу вазифани ўз муддатида уддалашига шубҳа йўқ.

Азамат ЗАРИПОВ.

Mavzuga oid yangiliklar

QUTLUG‘ YO‘LDA YO‘LBOSHCHINGGA YELKADOSH BO‘L

13.09.2017 10:41 2151

KOMBINAT MAHSULOTINING YUKSAK E’TIROFI

28.09.2017 08:36 1976

BUTUNJAHON INTELLEKTUAL MULK TASHKILOTI NKMK IXTIROCHILARINI OLTIN MEDAL BILAN TAQDIRLADI

28.09.2017 08:41 1947

YOZ-2017 NATIJALARI YAKUNLANDI

28.09.2017 09:52 1549

YOSHLAR BILAN ISHLASH – IFTIXOR VA DARKOR

02.10.2017 09:32 1441