“ҲАР ҲАФТАДА БИР КИТОБ МУТОЛАА ҚИЛАМИЗ” ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ТАНЛОВИДА НКМК ЖАМОАСИ ЕТАКЧИ

Batafsil: Yaratildi: 21.05.2019 11:33 Tahrirlandi: 21.05.2019 11:34 Ko'rishlar soni: 447

Юртимизда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида кўплаб танловлар ташкил этилаяпти. Жумладан, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида ҳар шанба куни “Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз” интеллектуал танлови ўтказиб келинмоқда.

21 мая2

Республикада ўзига хос янгилик бўлган мазкур танловда вилоятдаги корхона, ташкилот ва бошқарма ходимларининг 5 нафардан иборат 50 та жамоаси иштирок этаяпти. Шу йилнинг 28 декабригача давом этадиган танлов иштирокчилари мумтоз адабиётимиз дурдоналари ва жаҳон адабиёти адиблари қаламига мансуб сара асарлардан иборат 37 та китоб асосида беллашиши режалаштирилган.

Комбинат Маънавият ва маърифат маркази томонидан мазкур беллашувда фаол иштирок этиш учун энг зукко ва китобхон жамоа шакллантирилди ва уларга барча шарт-шароитлар яратилди. Улар орасида НКМК бошқармаси Маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари С.Алимов, Марказий конструкторлик бюроси муҳандис-конструктори Р.Эрматов, Матбуот маркази муҳандиси А.Зарипов, 3-автобаза иш тақсимловчиси Ш.Сулаймонова ҳамда “1-ГМЗ” кон бошқармаси 2-цех смена устаси М.Темирқулиевлар бор. Жамоалар бугунги кунга қадар Амир Термурнинг “Темур тузуклари”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Шиҳобиддин ан-Насавийнинг “Жалолиддин Мангуберди”, Алишер Навоийнинг “Ҳамса”, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асарлари бўйича беллашдилар. Натижаларга кўра, Навоий кон-металлургия комбинатининг жамоаси умумий баллар ҳисобида биринчи ўринни қўлдан бермасдан келмоқда.

21 мая

– Халқимиз азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга қаттиқ муҳаббат қўйган. Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирларнинг кўплаб чиққани ҳам бежиз эмас. Мен ёшлигимдан китобни, айниқса бадиий асарларни севиб мутолаа қиламан. Биз натижани эмас, балки яхши китобларни тарғиб қилишни, ҳамкасбларимизни китоб варақлашга кўндира олишни мақсад қилганмиз, – дейди комбинат жамоаси аъзоси Соҳибжон Алимов.

Кейинги беллашувларда ҳам НКМК жамоаси ғолибликни қўлга киритишида омадлар тилаб қоламиз.

НКМК матбуот маркази.

Mavzuga oid yangiliklar

SOVRINDORLARGA MEDALLAR TOPSHIRILDI

15.09.2017 06:16 1798

YANGI OB'YEKTLAR ISHGA TUSHDI

27.09.2017 08:44 1660

ZAVODDA AN’ANALAR QADRLANADI

02.10.2017 09:37 1539

HAR BIR MUHANDIS VA ISHCHI – IXTIROCHI

13.11.2017 13:28 1204

YANGI AVTOTRANSPORT VOSITALARI — YANGI IMKONIYATLAR KAFOLATI

14.11.2017 09:35 1423